Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиснинг ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ!
ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ!

Ўтаётган 2019 йил иқтисодиётимизнинг барча тармоқларидаги каби ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳам улкан ўзгаришларга, изчил ислоҳотларга бой йил бўлди. Соҳада заҳматкаш ветеринар ва чорвадорлар орзиқиб кутган янгиликлар, туб бурилишлар амалга оширилди.
Хусусан, дастлаб Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5696-сон Фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон Қарори билан қўмитанинг барча ташкилий тузилмалари тасдиқланиб, фан билан амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қатор институтлар қўмита таркибига ўтказилди ҳамда чорвачилик ва наслчилик ишларини янада ривожлантириш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги ташкил этилди.
Бундан ташқари, соҳага илмий ёндашувни ташкил этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш учун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда унинг Тошкент ва Нукус филиаллари, шунингдек Нукус ветеринария техникуми ташкил этилди.
Ушбу тарихий ҳужжатлар билан республикамизда ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритиш механизми яратилди.
Буларнинг барчаси ўтаётган 2019 йилда давлатимиз раҳбарининг ветеринария ва чорвачилик соҳаларига катта эътибор қаратганлиги билан тарих зарварақларига муҳрланиши шубҳасиз.
Қадрли юртдошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жумладан юртимизда фаолият олиб бораётган барча ветеринар ва чорвадорларни яқинлашиб келаётган “Янги йил” байрами билан самимий қутлайман.
Кириб келаётган 2020 йил ҳам ана шундай файзли ва баракотли келсин!
Сизларга соғлик-саломатлик, бахту-саодат, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва ишингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Баҳромжон НОРҚОБИЛОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.