• Mobil versiya
  • Bog'lanish
Generic selectors
Exact matches only
Search in title
Search in content
Search in posts
Search in pages

КАРАНТИН ДАВРИДА ҲАМ ЧОРВАЧИЛИК ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТИ ВА ХАВФСИЗЛИГИГА ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Chop etildi: 27.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Карантин даврида ҳам чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига жиддий эътибор қаратилмоқда

Маълумки, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан мамлакатда жорий этилган карантин чекловлари жорий йил 15 августига қадар узайтирилди.

Карантин чекловлари давом этаётганига қарамай, ветеринария соҳаси мутахассислари озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Барча ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари малакали мутахассислар, замонавий лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

Деҳқон бозорларида Давлат ветеринария хизмати мутахассислари томонидан маҳсулотларнинг истеъмолга яроқлилик ҳолати аниқланиб, савдо расталарига йўналтирилмоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта мобайнида пойтахтимизнинг “Миробод” деҳқон бозорида мутахассислар томонидан 2045 кг йирик ва майда шохли мол гўшт, 2576 кг парранда гўшти, 29870 дона тухум, 200 кг асал, 23093 кг ўсимлик ҳамда 5900 кг полиз маҳсулотлари ветеринария-санитария кўригидан ўтказилиб, сотишга рухсат этилди.

Шунингдек, ҳозирги пандемия шароитида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ва Давлат санитария-эпидемиология назорати ходимлари ҳамкорликда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Манба: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

ЭЪТИРОФ: ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ ЙЎЛИ

ЭЪТИРОФ: тараққиётнинг янги йўли

Нафақат юртдошларимизга, балки жаҳон ҳамжамиятига кундек равшанки, мамлакатимизда сўнгги тўрт йилликдаги ўзгаришлар, истиқболли ислоҳотлар инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва манфаатларини ҳимоя қилишдек олийжаноб фазилатлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Биз ана шундай улуғвор мақсадлар билан ишлашни ўргандик. Халқимиз инсоний фазилатлар билан яшашга одатланди.

Албатта, фуқаролар онгида, давлат хизматчилари тафаккурида бундай оламшумул бурилишнинг юзага келишида, шубҳасиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси турибди.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасида ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши, образли қилиб айтганда минглаб чорвадорлар, кўп минг сонли ветеринарларнинг кўксига қуёш нури каби илиқлик улашди. Бундан нафақат чорвадор ва ветеринарлар, ҳовлисида бир бош қорамол сақлаётган хонадон эгалари ҳам хурсанд бўлди, десак асло муболаға эмас.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 28 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари, 2017 йил 1 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, 2019 йил 18 мартдаги «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2019 йил 28 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, 2020 йил 29 январдаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар моҳияти халқчиллиги билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, мазкур фармон ва қарорлар амалиётга татбиқ этилиши натижасида бугунги кунда чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони 6445, гўштни қайта ишлаш корхоналари сони 600, сутни қайта ишлаш корхоналари сони 700, балиқчилик субъектлари сони 3800, балиқни қайта ишлаш корхоналари сони 55, паррандачилик субъектлари сони 1100, қоракўлчилик билан шуғулланувчи субъектлар сони 1000, асаларичилик субъектлари сони 1000 тани ташкил этди. Ўз ўрнида, ушбу субъектлар негизида 500 мингдан ортиқ фуқаро янги ва доимий иш ўрни билан таъминланди.

Ишонч билан айтишимиз мумкин, бугун Президентимиз бошлаб берган ислоҳотлардан наф олаётган, рўзғорининг тўкинлигини таъминлаётган, миллионлаб юртдошларимиз кўнглида яшаш завқи ошди, келажакка ишонч ҳисси улғайди. Бу эса юртимиз тараққиёти учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Баҳром НОРҚОБИЛОВ,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси

ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ҲАМ АҲОЛИГА ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ КЎРСАТИЛМОҚДА

Chop etildi: 23.07.2020

Kategoriyalar: Yurtimiz yangiliklari

Пандемия шароитида ҳам аҳолига давлат ветеринария хизмати кўрсатилмоқда

Республикамизда пандемия шароитида карантин режими жорий этилган бўлса-да, давлат ветеринария хизмати томонидан эпизоотияга қарши кураш тадбирлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Хусусан, бу борада Сирдарё вилоятида ҳам режа асосида ҳайвонларни эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўтган ҳафта мобайнида вилоят бўйича 195 бош йирик шохли ҳайвон куйдирги касаллигига, 427 бош йирик шохли ҳайвон нодуляр дерматит касаллигига, 1893 бош майда шохли ҳайвон бурцеллёз касаллигига, 485 бош йирик шохли ҳайвон оқсил касаллигига ҳамда 138 бош ит-мушук қутуриш касаллигига қарши эмланди.

Бундан ташқари Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигига қарши туман ва шаҳарлардаги чорва моллари сақланадиган бинолар, шу жумладан 411 та обектларда дезинфекция ва дезинсекция ишлари олиб борилди.

Шу билан бирга вилоят худудий “Чорванасл” маркази ходимлари томонидан аҳоли қарамоғидаги қорамолларни сунъий уруғлантириш ишлари тизимли ташкил этилмоқда ва наслли бузоқлар олинмоқда.

Шунингдек, яқинда вилоятнинг Боёвут туманидаги “Бахтинур чорва” фермер хўжалигига Украинадан 59 бош наслли қорамол олиб келиниб, парвариш қилинмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

ПАЙАРИҚЛИК ВЕТЕРИНАРИЯ МУТАХАССИСЛАРИ ТОМОНИДАН 500 БОШ БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРИ ПАРВАРИШ ҚИЛИНМОҚДА

Chop etildi: 21.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Пайариқлик ветеринария мутахассислари томонидан 500 бош бройлер жўжалари парвариш қилинмоқда

Ҳозирги кунда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда сифатли ва арзон чорвачилик маҳсулотлари етиштириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда худудларда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш ва чорва маҳсулотларини етиштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Cамарқанд вилоятининг Пайариқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларга сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари етказиб бериш учун 500 бош бройлер жўжалари олиб келиниб, парвариш қилинмокда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

БУГУН ТУҒИЛГАН КУН

Chop etildi: 13.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar

Бугун туғилган кун

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Хабибулла Қувондиқов 1978 йил 13 июлда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида таваллуд топган.

1999 йилда Тошкент молия институтини, 2006 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

У дастлаб фаолиятини Тошкент вилояти “Сувоқова” трести “Иқтисод ва истиқболни белгилаш бўлими” мухандислигидан бошлаган.

Шунингдек, Хабибулла Қувондиқов иқтисодиёт ва бизнес сохаларида қатор лавозимларда фаолият юритган. Ҳозирда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ташкилий назорат ва тахлил бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб бормоқда.

PS: Расмий сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” деб номланган лойиҳада ветеринария ва чорвачилик соҳаларида фаолият олиб бораётган, соҳа ривожига ўзининг беминнат ҳиссасини қўшиб келаётган инсонларнинг туғилган кунлари эсга олинади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

ВЕТЕРИНАРИЯ КЎРИГИДАН ЎТКАЗИЛМАГАН ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИ ТЎХТАТИБ ҚОЛИНДИ

Chop etildi: 10.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Ветеринария кўригидан ўтказилмаган гўшт маҳсулотлари  тўхтатиб қолинди

Давлат ветеринария хизмати ва ИИБ карантин тадбирларини ташкил этиш бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани худудида жойлашган “Сангзор-15” ЙПХ масканида карантин тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида “Қарши-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Аслиддин Абдураҳмонов бошқарувидаги “КIA BONGO” русумли автомашина тўхтатиб, текширилганда машина юкхонасида ҳеч қандай ветеринария текширувларидан ўтказилмаган 2640 кг гўшт маҳсулотлари Тошкент шаҳрига олиб кетилаётганлиги аниқланди.

Истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканлиги номаълум бўлган ушбу гўшт маҳсулотлари Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи фуқароларга тегишли эканлиги маълум бўлди.

Ушбу гўшт маҳсулотларининг сифатини текшириш, шунингдек касаллик уйғотувчи омиллар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Жиззах шаҳар худудидаги Жиззах вилоят Электр тармоқлари бошқармасига қарашли музхонага вақтинча жойлаштирилди.

Истеъмолга яроқлилик ҳолатини текшириш учун ундан наъмуналар олиниб, вилоят ветеринария лабораториясига топширилди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИНИНГ ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРО ҲАМДА БМТ ОЗИҚ-ОВҚАТ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТИ БИЛАН ВЕТЕРИНАРИЯ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК МУНОСАБАТЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Chop etildi: 08.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Марказий Осиё давлатларининг Халқаро Эпизоотик Бюро ҳамда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Марказий Осиё давлатлари ветеринария соҳаси мутахассислари, қўмита масъул ходимлари, Халқаро Эпизоотик Бюро (OIE) ҳамда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) экспертлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.

Унда Марказий Осиё давлатларининг ветеринария соҳаси бўйича Халқаро Эпизоотик Бюро ва FAO билан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари, бу борада имзоланиши кутилаётган меморандумнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Видеомулоқотда Халқаро Эпизоотик Бюронинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий офиси раҳбари Мереке Тайтубаев меморандум хусусида ўз фикрларини билдираркан, ушбу меморандум Халқаро Эпизоотик Бюро ва ФАО экспертлари ҳамда ташкилотга аъзо давлатларнинг OIE бўйича делегатлари билан биргаликда имзоланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Видеоконференция давомида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бруцеллёз касаллиги бўйича тезкор маълумот алмашиш веб-платформаси (Vet-report маълумотларни йиғиш платформаси)нинг афзал жиҳатлари ҳамда Марказий Осиё минтақасида жорий йил биринчи чоракда амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди.

FAO ташкилотининг халқаро маслаҳатчиси Динара Иманбаева томонидан келтирилган маълумотларга кўра, FAO Вет-ҳисобот тизими маълумотларни Халқаро Эпизоотик Бюронинг “WAHIS” платформасига киритиш имкониятини яратади. Бу ўз ўрнида экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Яқин кунларда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти мутахассислари томонидан Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига электрон манзил юборилади ва мазкур тизимга уланиш имконияти пайдо бўлади. Натижада Халқаро эпизоотик бюрога аъзо барча давлатлар ҳайвонлар касалликлари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда WAHIS платформасига жойлаштириб борилади.

Маълумки, бруцеллёз касаллиги – хавфли зооноз касаллик бўлиб, кўп йиллардан буён Марказий Осиё давлатлари чорвачилигига жиддий зарар етказиб келади. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 2019 йилда худудий “Бруцеллёз касаллигини босқичма-босқич йўқотиш” лойиҳасини амалга оширишни бошлади.

Шунингдек, видеоконференцияда мазкур лойиҳа доирасидаги муҳим вазифалар, хусусан, жорий йил FAO миссиясининг Ўзбекистонга ташрифига доир масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

ЯНГИ ҚАРОР МУҲОКАМАСИ “ЎЗБЕКИСТОН 24” РАДИОКАНАЛИНИНГ “АХБОРОТ 24” ДАСТУРИДА

Chop etildi: 08.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Янги қарор муҳокамаси “Ўзбекистон 24” радиоканалининг “Ахборот 24” дастурида

Қорақалпоғистоннинг кенг яйловлари ва қулай иқлим шароитлари чорвачиликни ривожлантириш учун мос худуд ҳисобланади.

Сўнгги йилларда худудда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, жорий йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда белгилаб берилган муҳим вазифалар худудда чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилашга замин яратади.

“Ўзбекистон 24” радиоканалининг “Ахборот 24” дастурида ушбу Қарор билан амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар хусусида интервью ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Қияс Пирназаров мавзуга оид мулоҳазаларини баён этди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

COVID19 ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ТАДБИРЛАР ЮЗАСИДАН ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРО МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ОНЛАЙН ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Chop etildi: 07.07.2020

Kategoriyalar: Markaz yangiliklari,Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

#COVID19 ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ТАДБИРЛАР ЮЗАСИДАН ХАЛҚАРО ЭПИЗООТИК БЮРО МАХСУС КОМИССИЯНИНГ ОНЛАЙН ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йил 7 июл куни Халқаро Эпизоотик Бюро Бош директори Моник Элуа хоним бошчилигида 180 давлатнинг делегатлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Онлайн тадбирда, Халқаро Эпизоотик Бюронинг Ўзбекистондаги доимий делегати, Ветеринария ва чорвачиликкни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров иштирок этди.

Мазкур онлайн тадбирда #COVID19 коронавирус пандемиясининг тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган бир қатор чоралар, ҳайвонларни мазкур инфекция бўйича диагностика қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда глобал муаммога айланган #COVID19 инфекциясига қарши курашишда бутун жаҳонда ветеринария хизмати муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Халқаро Эпизоотик Бюро бош директори М.Элуа барча вакилликлар ва делегатларни ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш, яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳамда ҳар қандай янги маълумотлар ва касалликка қарши курашишда орттирилган илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга чақирди.

Видеоконференцияда Халқаро Эпизоотик Бюро томонидан бир нечта техник гуруҳлар ушбу касалликни тадбиқ этиш учун жалб қилинганлиги, ушбу маҳсус гуруҳлар томонидан жаҳон миқёсида илмий-тадқиқот ишлар кенг кўламда олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Сўзга чиққан гуруҳ аъзолари соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан ветеринария ташкилотлари ҳамкорликда “Ягона соғлиқ” – “One Health” концепцияси доирасида биргаликда ушбу касалликка қарши курашиш зарурлигига тўхталиб, ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар, бирламчи натижалар ва маълумотлардан самарали фойдаланиш тавсия этилди.

Юртимизда ҳам ушбу касаллик билан курашишда Давлат ветеринария хизмати томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, барча ветеринария давлат органлари ва муассасаларида, чегара ветеринария назорат пунктларида зарурий дезинфекцияловчи воситалар заҳираси яратилиб, барча зарурий профилактик чоралар кўрилмоқда.

Коронавирусдан сақланиш ҳамда ҳайвонларни парваришлашда тўғри ёндошув ташкил этиш юзасидан тавсиялар, кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, ҳайвон эгалари ва мутахассисларга етказилмоқда.

Пандемия оқибатида соғлиқни сақлаш ташкилотларида юзага келган эҳтиёжни қондириш мақсадида Қўмита тасарруфида бўлган ўнга яқин полимер-занжирли реакция қўйувчи замонавий лаборатория ускуналаридан касалликка ташхис қўйишда фойдаланиш йўлга қўйилди.

Ветеринария лабораториясида фаолият олиб бораётган 11 нафар малакали мутахассислар соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда махсус тайёргарликдан ўтказилиб, касалликка ташхис қўйишда кўмаклашмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Бирлашган миллатлар ташкилоти тизимидаги МАГАТЭ халқаро ташкилоти томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига грант маблағлари ажратилиб, қиймати 83 минг АҚШ доллари миқдоридаги #COVID19 касаллигига қарши курашишда фойдаланиш мақсадида лаборатория жиҳозлари жамланмаси, шу жумладан, полимер-занжирли реакция қўйувчи замонавий лаборатория ускуналари, тест тизимлари, биологик шкаф каби муҳим жиҳозлар таъминот қилинди. Ушбу жиҳозлар ишга туширилиши натижасида касалликни эрта ташҳислаш ишлари самарадорлиги янада оширилишига эришилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати

СИРДАРЁДА ҚОРАМОЛЛАРНИ СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШ ВА ТУРЛИ КАСАЛЛИКЛАРГА ҚАРШИ ЭМЛАШ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Chop etildi: 06.07.2020

Kategoriyalar: Yangiliklar,Yurtimiz yangiliklari

Сирдарёда қорамолларни сунъий уруғлантириш ва турли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари ўтказилди

Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси мутахассилари томонидан вилоят худудида эпиоозитияга қарши кураш тадбирлари ташкил этилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта давомида худуддаги 195 бош йирик шохли ҳайвон куйдирги касаллигига, 427 бош йирик шохли ҳайвон нодуляр дерматит касаллигига, 138 бош ит-мушук қутуриш касаллигига, 1893 бош майда шохли ҳайвон бурцеллёз касаллигига, 485 бош йирик шохли ҳайвон эса оқсил касаллигига қарши профилактик эмланди.

Бундан ташқари, туман ва шаҳарлар худудидаги чорва моллари сақланадиган бинолар, шу жумладан 411 та обектларда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигига қарши дезинфекция ва дезинсекция ишлари олиб борилди.

Шунингдек, вилоятнинг Ховос тумани “Энергия насл чорва” фермер хўжалигидаги 30 бош қора молга бирка тақилди. Наслли қорамоллар бош сони ва сифатини яхшилаш мақсадида вилоятнинг Боёвут туманидаги “Бахтинур чорва” фермер хўжалигига Украина давлатидан 59 бош наслли қорамол олиб келинди.

Шу билан бирга вилоят худудий “Чорванасл” маркази ходимлари томонидан аҳоли қарамоғидаги қорамолларни сунъий уруғлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати